Шавкат Мирзиёев Германияда яшайдиган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияга етиб келди. Берлинда Шавкат Мирзиёевни Германияда ўқиётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар катта хурсандчилик билан кутиб олди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Берлиндаги Ўзбекистон делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик ёшларнинг ўқиш ва ишлари, орзу-истаклари билан қизиқди.
– Ривожланган давлатлар барча соҳаларга илмий ёндашиб натижага эришган. Биз ҳам жуда катта изланишдамиз. Бутун ҳаракатларимиз дунё билан тенг бўлишга, халқимизга муносиб ҳаёт яратишга қаратилган. Ислоҳотларни сиздек илғор ёшлар билан бирга амалга оширамиз. Ҳамма ўрганган билим, “ноу-хау”ларингни Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси интиқлик билан кутяпти. Қанча кўп билимли бўлсак, шунча қудратли бўламиз,- деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ёшларни ўқиш ва изланишларини муваффақиятли тугатиб, билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи 22 январга қадар давом этади.Ташрифнинг асосий тадбирлари 21 январга мўлжалланган. Ўзбекистон президенти Берлинда Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан учрашувлар ўтказади.