Абдулазиз Комилов ИҲТ Бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб Кун уз сайти хабар берди. Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилинди. Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисини муваффақиятли ўтказилишидан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди. Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» деб номланган раислик шиорининг долзарблиги ва аҳамиятлилиги сабабли 43-сессия ва унинг якунлари ИҲТ тарихида қолади.