Албатта ӯқинг! Овчи-теримчилик
(last modified Tue, 29 Jan 2019 16:13:10 GMT )
Январ 29, 2019 21:13 Asia/Tashkent
  • Албатта ӯқинг! Овчи-теримчилик

Иқтидорли блогер Musannif Adhamнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинган бу мақола ибратга лойиқ.

1835 йилнинг декабр ойи Чатем архипелагида яшовчи Мориори халқи учун Қиёматга айланди. Оролга аввал 500, сўнгра 400 кишидан иборат Маори халқи қўшинлари келиб тушди. Улар мориориларнинг жанг қилиши мумкин бўлган қисмини қириб ташлашди. Қолганларини эса, ўзларига қул қилиб олишди. Кейинчалик ўша қулларни ҳам майнавозчиликка ўлдириб завқ олишни бошлашди.

Жаред Даймонд ўзининг "Guns, Germs and Steel" номли китобида нима сабабдан маорилар мориорилардан технологик жиҳатдан илгарилаб кетгани ва натижада уларни бунчалик осон "ютиб" юборганини таҳлил қилган: мориори халқи узоқ вақт давомида "овчи-теримчи" ҳаёт тарзида қолиб кетган. Яъни, кимдир кўлига камон олиб овга кетади, кимдир эса ўрмондан ейиш мумкин бўлган ноз-неъматларни териб келади. Маорилар эса, аксинча, ўтроқлашиб, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, ҳайвонларни қўлга ўргатиб кўпаштиришни ўрганади. Бу ўз навбатида ортиқча озиқ-овқат захирасига эга бўлиш ва бунинг натижасида мутахассисларни боқиш имкониятини яратади. Қорин тўйғазиш ғамидан қутилган мутахассислар эса маориларга технологик устунлик берди.

Мориори халқида ҳам маълум соҳа мутахассисига айланиши мумкин бўлган истеъдодлар туғилганига шубҳа йўқ. Лекин бу истеъдодларнинг асосий вазифаси оч қолмаслик эди. Шу сабабдан улар эрталаб уйқудан туриши билан нонуштага овқат топиш мақсадида овга ёки теримга кетишарди. Кечки овқат учун шу жараённи яна қайтаришарди. Натижада улар ҳеч қандай технологик юксалишга эришмай, жангда душман олдида қўлида примитив (ибтидоий) қуроллар билан қолиб кетишди.

Шу ерда нимагадир хаёлимга қорнини тўйғазиш учун бойларнинг дала-ҳовлиларида монтёрлик қилиб юрган олимлар келди. Ишдан ташқари таксида кира ҳайдайдиган мутахассислар ҳам кўз олдимдан ўтди.

Энг алам қиладигани: чет эллардаги халқаро конференцияларда мен кўп учратадиган Австралия, Белгия, АҚШ ва Германия номидан келган ўзбек олимлари... Улар бошқаларнинг технологик устунлигини таъминлашда хизмат қиляпти. Мен уларни тўғри тушунаман. "Овчи-теримчи"лик кун тартибига айланган ҳаёт тарзида мутахассисларни етиштириш ва асосийси ушлаб қолиш жуда қийин...

© Rustam Ashurov