GM Uzbekistan янги Cobalt ишлаб чиқариш фикридан қайтди
(last modified Wed, 06 Feb 2019 11:46:14 GMT )
феврал 06, 2019 16:46 Asia/Tashkent
  • GM Uzbekistan янги Cobalt ишлаб чиқариш фикридан қайтди
    GM Uzbekistan янги Cobalt ишлаб чиқариш фикридан қайтди

«Ўзавтосаноат» АЖ 2019 йилдан бошлаб янгиланган Cobalt автомобилини ишлаб чиқаришни режалаштирган эди. Бироқ компания ушбу қароридан воз кечди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ раиси ўринбосари Азиз Шукуров маълум қилди.

«Янги Cobalt унчалик ҳам янги эмас. GM’нинг ўзида, Бразилияда ушбу лойиҳа 2016 йилда амалга оширилган эди. У ерда жорий йилнинг охирида Cobalt ишлаб чиқариш тўхтатилади. Биз эски автомобиль моделларини ишлаб чиқариш тўғри эмас, деган хулосага келдик. Шундай қилиб, янгиланган Cobalt ишлаб чиқариш бўйича режамизни бекор қиламиз», — дейди Азиз Шукуров.

Cobalt  

 

Азиз Шукуровнинг айтишича, «Ўзавтосаноат» ишлаб чиқарилиши тўхтатилган Captiva автомобили ўрнига икки турдаги кроссовер ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

«Биз янги палтформани ўзлаштирамиз. Captiva ишлаб чиқаришни тўхтатдик. Унинг ўрнига 2019 йилнинг учинчи чорагида икки турдаги янги автомобиль ишлаб чиқара бошлаймиз. Бундан ташқари, биз моделлар қаторини янгилаш борасида ҳам музокаралар олиб бормоқдамиз»,  — дейди «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари.

Азиз Шукуров, шунингдек, «Ўзавтосаноат» АЖ янги инвестицион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишни режалаштираётганини ҳам маълум қилди.

«Авваллари биз GMнинг ишлаб чиқарилган моделларини Ўзбекистонга олиб келиб, йиғардик. Бизнинг моделлар қаторимиз ўрта ҳисобда 9—10 йил ишлаб чиқариларди. Бу жуда катта муддат.  Ҳозирда эса моделлар ҳар 3—5 йилда ўзгаряпти. Шунинг учун биз GM’даги ҳамкорларимиз билан келишиб олдик: Янги инвестицион лойиҳаларни татбиқ этамиз. Келгуси уч йил давомида эса Асака заводидаги моделлар қаторини янгилаймиз», — дейди Азиз Шукуров.

Ёрлиқ