Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш мумкин бўлади
Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Дастурга кўра, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 68-бандида назарда тутилган.
Билдирилишича, лойиҳада юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби назарда тутилади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочи - Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2019 йил 1 апрель, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2019 йил 1 май.