100 000 сўмлик банкнот қачондан муомалага чиқарилиши маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилиши тўғрисида маълум қилди.
Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси (тематикаси) буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган.
Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 мм. бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.
Банкнотнинг ўнг тарафидаги оқ овал қисмида Мирзо Улуғбек сурати кўринишидаги локал сув белгиси ва 100000 рақами кўринишида филигран сув белгиси жойлашган. Банкнотнинг ўнг тарафидаги қоғоз қатламида кенглиги 5 мм. 3D эффектга эга бўлган, юқори ҳимояли, шўнғувчи, банкнотнинг устки қатламига чиқувчи ҳимоя ипи жойлаштирилган. Ёруғлик манбаида ип тўлиқ кўринишга эга бўлиб, банкнотнинг исталган қиялик кўринишида ипдаги тасвирларда силжиш эффекти пайдо бўлади. Олд ва орқа томонларининг фони асосан оч жигарранг ва ҳаво рангларидан иборат.
Банкнот олд томонининг чап қисмида Мирзо Улуғбек ҳайкали тасвирланган. Банкнотнинг юқори қисмининг чап тарафида ранги ўзгарувчан 100000 рақами жойлаштирилган бўлиб, маълум қиялик бурчагида қаралганда унинг ранги қирмизи рангдан жигаррангга ўзгаради.
Муомалага чиқарилаётган қиймати 100 000 сўм бўлган пул белгиси, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.