Ўзбекистонлик ҳарбийлар Россияда тактик машғулотларни кузатди 
(last modified Sun, 03 Mar 2019 09:20:23 GMT )
март 03, 2019 14:20 Asia/Tashkent
  • Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
    Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Россиянинг Челябинск шаҳри яқинидаги Чебаркуль полигонида армия авиацияси ҳамда артиллерия ҳамкорлигида ўтказилган танк бўлинмаларининг тактик машғулотларини кузатишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар россиялик танкчилар бўлинмаларининг жанговар тайёргарлиги жараёнлари, шунингдек, кечаю кундуз учувчисиз учиш қурилмалари ва шартли диверсион-разведка гуруҳларига қарши курашишнинг янгича усуллари билан танишди.

“Тактик машғулотларга мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 200 га яқин ҳарбий техника, хусусан, «Мcта-Б» гаубицаси, «Град» залп ўт очиш реактив тизими ҳамда бешинчи авлод алоқа техникаси жалб этилди”, дейилади хабарда.

Машғулот жараёнида шартли душман авиация ҳужуми ва оммавий қирғин қуролларидан фойдаланганида асосий кучнинг ҳаракатлари амалда кўрсатилди.

Машғулотнинг сўнгги босқичида ҳарбий хизматчилар «Т-72Б» танклари ҳамда «БМП-2» пиёдалар жанговар машиналаридан шартли душманнинг имитация қилинган зирҳли ва жонли кучларига қарата ўт очди. Бунда ҳаводан «Ми-24» авиация вертолётлари ёрдам кўрсатиб турди.

Ёрлиқ