Ўзбекистон ТИВда Эрон ташқи ишлар вазири ёрдамчиси билан музокаралар ўтказилди
2019 йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ёрдамчиси, Евросиё бош бошқармаси бошлиғи Ғуломризо Боқерий билан учрашди.
ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари ҳамда минтақадаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.
Учрашувда 2019 йилда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ҳамда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш жадвали борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Мозори-Шариф – Ҳирот йўналишидаги трансафғон темир йўл линиясини қуриш юзасидан фикр алмашилган.
Учрашувда Эрон элчиси Баҳман Оғорозий Дўрмоний иштирок этди.