БАА-даги энг баланд бино Ўзбекистон байроғи "либоси"-да намоён бўлди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи шарафига дунёнинг энг баланд биноси ҳисобланган Дубайдаги Бурж Ал-Халифа ҳамда бошқа диққатга сазовор объектлар Ўзбекистон байроғи рангларига бурканди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати Ўзбекистон байроғи "либоси"даги Бурж Ал-Халифанинг тасвири билан бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БААга расмий ташрифи доирасида Дубай шаҳрида Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди. Кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари “Заабил” саройида бўлиб ўтган учрашувнинг асосий мавзуси бўлди. Дубай амири ўз тараққиётининг янги босқичига чиққан Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон президентининг БААга ташрифи доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди.
Шуниси диққатга сазоворки, БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум Твиттерда ўзбек тилида твит ёзди.
“Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига давлат ташрифи билан келганидан жуда ҳам мамнунмиз. Ушбу ташриф икки давлатимиз ўртасидаги алоқаларда янги саҳифани очиб беради”, - дейилади твитда.