Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов вафот этди
(last modified Fri, 17 May 2019 13:21:20 GMT )
май 17, 2019 18:21 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов вафот этди

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов оламдан ўтди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.

Маълум қилинишича, жаноза маросими бугун, 17 май куни аср намозидан кейин бўлиб ўтди. Ижодкор Ўрикзор даҳасидаги Саид Ваққос Ота қабристонига дафн этилди.

Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январь куни Хоразм вилояти Боғот туманида туғилган. Ўзбекистон (1991 й.), Туркманистон ва Қорақалпоғистон (1993 й.) халқ артисти. Урганч мусиқа билим юртини (рубоб синфи бўйича, 1967 й.) ва Тошкент маданият институти (1980 й.)ни тугатган. 

Миллий ашулачилик йўлларини Комилжон Отаниёзов, шунингдек, А.Отажонов, М.Мирзаев, Г.Раҳимова, О.Иброҳимов ва С.Собировлардан ўрганган. Ўзбек давлат филармонияси, “Лазги” ансамблида хонанда (1968-81 йиллар), “Лазги” ансамблининг бадиий раҳбари бўлган. 

Репертуаридан Хоразм мумтоз ашулалари (Феруз I,II, савтлари билан ”Чапандози Сувора”, “Хоразм Дугоҳи” ва б.),  куйини ўзи басталаган асарлар (“Зеболаниб келибсиз”, “Она диёрим”, “Хоразм фарзандиман”,”Орол дарди”, “Сенинг кулишларинг”, “Ибияй”, “Бошқача” ва б.), шунингдек, афғон, туркман, озарбайжон, рус, араб қўшиқлари ўрин олган. Ижролари 2 грампластинка, Ўзбекистон радиоси фонотекасига ёзилган. 

 

Ёрлиқ