Ӯзбекистон ӯтган йил давомида (2)
(last modified Sat, 04 Jan 2020 09:38:31 GMT )
Январ 04, 2020 14:38 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган йил давомида (2)

Бугунги дастуримизда 2019 йил давомида  ушбу мамлакатда юз берган улкан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президенти Хитойга сафар қилди.
  2. Ўзбекистонда  Парламент сайлови бӯлиб ӯтди.
  3. Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган пуллар миқдори14 фоизга ортди.
  4. Қисқа вақт ичида икки нафар Бош прокурор ишдан олинди.
  5. Швейцария Гулнорага тегишли 555 млн долларни Ӯзбекистонга қайтаришни тўхтатиб қўйди.
  6. Фарғона вилояти ҳокими айбини тан олди, унга қаттиқ огоҳлантириш берилди.
  7. Гулнора Каримова биринчи марта халқ ва президентдан кечирим сӯради.
  8. Блогер Нафосат Оллошкурова сайловдан сўнг руҳий шифохонадан чиқарилди.

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан жорий йил 24-27 апрель кунлари «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Хитойда бўлди.

Форум ишида 40дан зиёд хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси Ли Чжаньшу билан учрашувлар ўтказади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Х  Х  Х
Кун сайтига кўра, 22 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 23 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, парламент сайлови ўтказилган 150та сайлов округидан 128тасидан депутатлар сайланган:

Ўзбекистон Либерал демократик партияси – 43 нафар;

«Миллий тикланиш» демократик партияси – 35 нафар;

«Адолат» социал-демократик партияси – 21 нафар;

Халқ демократик партияси – 18 нафар;

Экологик партия – 11 нафар.

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округларда номзодларнинг бирортаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади. Бу округларда икки ҳафтадан кейин такрорий овоз бериш ўтказилади.

МСК раисининг аниқлик киритишича, хориждаги сайловчиларни ҳам ҳисобга олганда умумий давомат 67,8 фоизни (13 963 627 нафар сайловчи) ташкил этган.

150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган. Қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида 112 минг 411 сайловчи овоз берган.

Х  Х  Х

Россия резидентлари ва норезидентларини 2019 йилнинг дастлабки уч чораги (январь – сентябрь ойлари) да Ўзбекистонга жўнатган пуллар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ортган.

Кун сайтига кўра, 2019 йилнинг дасталки уч чорагида Россиядан Ўзбекистонга 3 миллиард 496 минг АҚШ доллари жўнатилган.

Бунда, РФ резидентлари томонидан жўнатилган пул маблағлари 1 млрд 235 миллион долларни ташкил этган бўлса, норизидентлар томонидан жўнатилган маблағлар 2 млрд 261 млн долларга тенг бўлган.

Умумий сумма бўйича ўртача жўнатма миқдори 372 АҚШ долларини ташкил этган. Резидентларнинг ўртача жўнатмаси 297 доллар, норезидентларники эса 433 долларга тенг бўлган.Шу давр ичида Ўзбекистондан Россияга 244 млн доллар жўнатилган. Ўртача жўнатма миқдори 805 долларга тенг бўлган.

Россиядан МДҲ давлатларига пул жўнатишда ҳам Ўзбекистон етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Тожикистон ($1 млрд 941 млн), Қирғизистон ($1 млрд 460 млн), Арманистон ($821 млн), Озарбойжон ($654 млн), Қозоғистон ($394 млн), Гуржистон ($298 млн), Украина ($278 млн), Беларусь ($195 млн) каби давлатлар жойлашган.

Х  Х  Х

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис сенатининг 20-ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, "халол, пок ва ҳар бир қадамни қўйиш олдидан 10 марта ўйлайдиган" бўлгани учун Ниғматулла Йўлдошевни республика Бош прокурори лавозимига тайинлаганини маълум қилди.

Мирзиёев ўз нутқи давомида мамлакатда қисқа вақтда иккинчи Бош прокурор ишдан олиниши бежизмаслигини, ишдан олинган бош прокурорлар коррупцияга ўралашганини айтиб ўтган.

Давлат раҳбари Олий Мажлис йиғилиши иштирокчиларига ИИБ раҳбари Пўлат Бобожоновни намуна тарзида келтириб ўтган.

"Мен Бобожоновни ҳалоллиги, поклиги учун Ички ишлар органларига раҳбар этиб тайинлагандим. Лекин у ҳам баъзан бераётган топшириқларимга чидаши қийин бўлади, лекин бошқа илож йўқ. Тизим раҳбари ҳалол бўлиши керак биринчи навбатда", - деб таъкидлаган Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ниғматулла Йўлдошев оғир вақтларда мураккаб лавозимга тайинланаётганига урғу бериб, олти ойдан сўнг ундан тизим борасида тўлиқ таҳлилий-ҳисоботни кутиб қолишини маълум қилган.

"Агар прокуратура органини тартибга келтириш мумкин эмас, деган хулоса берилса, мен прокуратурани 50-60 фоизга қисқартириб ташлайман. Шунга аҳд қилдим", - деб айтган президент.

Йўлдошев, прокуратура тизимида ишлайдиган ходимлар пора олмаслиги ҳақида кафолат бериши керак, деб қўшимча қилган Мирзиёев.

Х  Х  Х

Гулнора Каримованинг манфаатларини ҳимоя қилаётган швейцариялик юрист Грегуар Манжа Швейцария Гулнора Каримованинг соғлиғига боғлиқ муаммолар сабаб 555 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнларини тўхтатиб қўйганини маълум қилди. Бу ҳақда юристнинг Twitter’даги аккаунтига таяниб, «Podrobno.uz» хабар берди.

«Швейцария федерал судидаги учинчи йирик ғалаба. 555 миллион долларни қайтариш дарҳол тўхтатилди. Ўзбекистон бизнинг мижозимизни қамоқда сақлашни тўхтатмас экан, ҳамкорлик бўлмайди. Унга янада кўпроқ босим ўтказишмоқда. Каримованинг ҳаёти хавф остида», — деб ёзади Манжа.

Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган Тошкент вилоятидаги аёллар колониясида ўрганиш ўтказишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримованинг маълум қилишича, онаси сақланаётган ёмон шароит ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани Швейцариянинг пулларни Ўзбекистонга қайтаришига тўсқинлик қилмоқда.

Х  Х  Х

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилишда комиссия вакиллари Фарғона вилоят ҳокимининг мажлислардан бирида аёлларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ фикрлари учун қаттиқ қоралашган ва қатъий чора кўрилишини сўрашган.

Шуҳрат Ғаниев ҳам ижтимоий тармоқларда ўзига билдирилаётган танқидлар тўғрилигини эътироф этиб, ўзининг айбини тан олган.

«Ижтимоий тармоқларда бўлаётган муҳокамалар тўғри. Айбимни тан оламан. Ўзимни оқлаш учун бирор сўз топа олмайман. Менинг авлодим, ота-онам миллий либослар кияди. Ўзим ҳам уйимда миллий либос кияман. Ўша мажлисда қуюшқондан чиқиб кетганман. Имконият берсангиз, хулоса чиқариб, чин дилдан меҳнат қиламан. Ҳар қандай жазога лойиқман.

Халқдан ва Президентдан кечирим сўрайман. Имкон берилса, чин дилдан меҳнат қилишга тайёрман», дея вилоят ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Якунда Сенат раиси Танзила Норбоева томонидан Шуҳрат Ғаниев қаттиқ танқид қилиниб, унга қатъий огоҳлантириш ва уч ойлик синов берилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Шуҳрат Ғаниевнинг тарқалган аудиоси бўйича расмий баёнот бериб, ҳокимнинг сўзлари нотўғри талқин қилингани, шу билан биргаликда Шуҳрат Ғаниев ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан хулоса чиқарганини маълум этганди.

Х  Х  Х

Бир гуруҳ норозиларнинг Тошкентга юришини жонли равишда эфирга узатгандан сўнг руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошкурова Ўзбекистонда Парламент сайловлари ўтганидан сўнг касалхонадан чиқарилди.

Махсус комиссия Оллошкурова даволанишга эҳтиёжи йўқ деб топган.

"Бугун руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади", деб ёзди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Нафосат Оллошкурова Тошентга ота-онаси ва 3 яшар икки эгизак қизларининг олдига қараб йўлга чиққанини онаси Холжон Давлатова Би-би-сига тасдиқлади.

"Дадаси билан телефонда гаплашибди. Эрталаб азонда етиб бораман, дебди", дейди Нафосатнинг онаси.

Кузатувчилар муросасиз блогер Ўзбекистонда парламент сайловлари тугаганидан сўнг озодликка чиқарилаётганига эътибор қаратишмоқда.

Би-би-си манбаларининг таъкидлашича, масъуллар блогер сайлов ўтгунча ушлаб турилишини, агар озодликка чиқарилса одамларни кўчага чиқариш хавфи борлигини айтишган.

Ушбу даъволарни расмийлардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Оллошкурова Facebookʼдаги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда "Эрк" партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди. Қамоқ жазосини ўтагач, у руҳий шифохонага ётқизилган.

Ишига БМТ ва Халқаро ташкилотлар эътибор қаратган блогер

Президент Шавкат Мирзиёев даврида мустақил журналист ва блогернинг илк марта руҳий муолажага мажбурланиши қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган.

Хоразмлик марҳум журналист Давлатназар Рўзметовнинг 22 октябр куни хабар қилишича, бу борада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими ҳам хавотир изҳор қилдирган ва бу ҳақида АҚШ Конгрессига ҳисобот тайёрланаётганини билдирган.

22 октябр куни Би-би-си манбаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Нафосат (Шабнам) Оллошкурованинг ишини шаффоф тарзда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мактуб ёзганини айтди.

Блогер иши БМТ эътиборига тушгач,  ушбу комиссия ташкил қилингани билдирилди.

Омбудсман ўринбосари Санжар Хамидуллаев БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги томонидан мактуб ёзилганини инкор қилди.

Бироқ у Нафосат (Шабнам) Оллошкурова масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг минтақавий раҳбари Ринрад Коменда Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан муҳокама қилганини тасдиқлади.

Қароргоҳи Нью-Йоркдда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 октябрда Оллошукуровага қарши қўлланилаётган чоралар зудлик билан тўхтатилиши ва у озод қилинишига чақирди.

Муросасиз блогер

Нафосат Оллошкурова муросасиз блогер сифатида таниқли бўлган.

Буни 21 октябрда интернетда Оллошкуровани сўроқ қилиш жараёни акс этган видеодан кўриш мумкин.

Қисқа видео Нафосат Оллошукурова ҳибсга олинган вақти, руҳий шифохонага ётқизилишидан аввал ёзиб олингандек кўринади.

Унда Нафосат очлик эълон қилганини билдиради.

"Мен суднинг қароридан норозиман. Менга қўйилган айбловлар ноҳақдан қўйилган. Мен очлик эълон қилдим", - дейди блогер.

Уни сўроқ қилаётган камера ортидаги шахс унинг очлик эълон қилиши соғлиғи учун зарар бўлиши ва жиддий оқибатларга олиб келишини айтади.

Қонуний тарзда норозилик билдириш сўралганда, Нафосат бунинг фойдаси йўқлиги, ҳамда қонунлар ва судяларга ишонмаслигини айтади.

"Сиз очлик эълон қилиб ўз жонингизга қасд эълон қилишни кўзлаб турибсизми?" деб сўраганида, Нафосат "зулмни тўхтатиш учун" бошқа иложи йўқлигини айтади.

Сўроқ қилаётган шахс ундан яна бир бор "Шу ерда очлик эълон қилиб жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" деб сўрайди.

Бунга жавоб бермай, сукут сақлаган Нафосатга "сўз билан жавоб беринг" дейилади ва у "ҳа" дея жавоб қайтаради.

Нафосат ишини яқиндан кузатаётган, исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган ҳамкасбининг Би-би-сига айтишича, "Жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" дея қайта-қайта сўраш билан ички ишлар ходимлари Нафосатни руҳий касалхонага ётқизиш учун асос излашган.

Би-би-си билан суҳбатдан унинг онаси Холжон Давлатова: "Қийнаганлар уни, ўзи ундай гапирмайди", дея муносабат билдирганди.

 

Ёрлиқ