Ўзбек компанияси Тожикистонда завод қуради
(last modified Thu, 09 Jan 2020 10:06:06 GMT )
Январ 09, 2020 15:06 Asia/Tashkent
  • Ўзбек компанияси Тожикистонда завод қуради

Мазкур ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхонани Тожикистоннинг Суғд вилоятида ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистоннинг “Прогресс бизнесиндастр” компанияси Тожикистонда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон “Ховар” нашрига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

“Ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш корхонасини Суғд вилоятида очиш режалаштирилмоқда”,  - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу масала минтақа раҳбари Ражаббой Аҳмадзоданинг “Прогресс бизнесиндастр” раҳбари Шуҳрат Тошев билан учрашуви давомида муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, томонлар иқтисодий муносабатлар ва уларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашишган.

“Прогресс бизнесиндастр” компанияси Ўзбекистоннинг етакчи корхоналаридан биридир. Ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи завод Тошкент вилоятида жойлашган. Корхона маҳсулотлари асосан ички бозор ҳамда Афғонистон ва Қирғизистонда сотилади.