«Аҳмадбой»дан жабрланганларнинг пулларини қисман қайтариш бошланди
(last modified Wed, 29 Jan 2020 07:40:34 GMT )
Январ 29, 2020 12:40 Asia/Tashkent
  • «Аҳмадбой»дан жабрланганларнинг пулларини қисман қайтариш бошланди

«Аҳмадбой иши» бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошланди. Бу ҳақда 28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши доирасида 11 минг 700 нафар жабрланувчига умумий ҳисобда 418 млрд 293 млн 345 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2019 йил 20 май кунги ҳукми билан халқ орасида Аҳмадбой деб ном олган Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида хатланган хорижий ва миллий валютадаги пул, кўчмас мулк, автотранспорт ва заргарлик буюмлари сотувга қўйилган.

Тадбирда «Аҳмадбой иши» бўйича миллий валютадаги 26 млрд 708 млн 295,7 минг сўм пул, 12 млн 580 минг 622 АҚШ доллари, шунингдек, заргарлик буюмлари, 29та кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун хатлангани маълум қилинди.

Мазкур мол мулклар суд қарорига асосан сотувга қўйилиб, сотувдан тушган пул маблағларини жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун пропорционал тарзда тақсимлаш белгиланган. Бугундан сотувдан тушган пул етказилган зарарни қоплаш учун Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда пропорционал тарзда жабрланувчиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берила бошланган.

Image Caption

«Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида дастлабки тергов даврида хатланган мазкур мол-мулкларларнинг баҳоси ҳозирги кундаги бозор қийматига мутаносиблиги аниқлаш мақсадида қайта баҳолаш лозимлиги юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига ариза билан мурожаат қилинган. Суд ажримига асосан мол-мулкларни қайта баҳолаш белгиланган. Натижада қарздорларга тегишли кўчмас мулк объектлари ва автотранспорт воситалари хатланиб, рўйхатга олинди, айни пайтда уларни баҳолаш ва реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.

Ижро ҳаракатлари натижасида қарздорнинг 3 турдаги кўчмас мулк объектлари ва 1та автотранспорт воситаси электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилиб, пул маблағлари Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси депозит ҳисоб рақамига келиб тушган.

Бугунги кун ҳолатига, Бюронинг Тошкент вилояти бошқармасига 4 мингдан ортиқ жабрланувчилар, ундирилган пул маблағларини шахсий пластик карта ҳисоб рақамларига ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилган», дея МИБ Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Менглиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Image Caption

Тадбирда таъкидланишича, 920 нафар ундирувчининг аризасига кўра, уларга банк томонидан бепул пластик карточкалар очиб берилган бўлиб, ҳозирда ушбу пластик карталар эгаларига тарқатилмоқда. МИБ Тошкент вилояти бошқармаси томонидан махсус электрон дастур ишлаб чиқилиб, 11 минг 700 нафар жабрланувчи ва уларнинг фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағлар ҳақидаги барча маълумот мазкур дастурга жойлаштирилган.

Тошкент вилояти бошқармаси катта инспектори Абдурасул Абдушерозовнинг айтишича, дастур инсон омилидан холи бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағлари «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 80-моддаси талаблари асосида барча ундирувчиларга автоматик тарзда мутаносиб (пропорционал) равишда тақсимлайди. Бу эса пуллар ҳаққоний тақсимланиши имконини беради.

Тергов давомида хатланган ҳамда ҳозиргача онлайн аукцион орқали сотилган мол-мулк сотувидан тушган пул 146 млрд сўмни ташкил этади. Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, бу барча жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тахминан 35 фоизига тенг ҳисобланади.

Тушган пул дастур орқали автоматик тақсимланиб, жабрланувчиларнинг пластик карта ҳисоб рақамларига ўтказиб берилмоқда.

Ёрлиқ