Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Майк Помпео учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда расмий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Майкл Помпеони қабул қилди
Спутник сайтига кўра, Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.
Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати туфайли минтақада ишонч, шериклик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришда катта натижаларга эришилгани таъкидланди.
Иқтисодиёт соҳасида АҚШ етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришни ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томоннинг интилиши қатъий экани таъкидланди.