Москвада Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари музокаралар ўтказди
(last modified Fri, 11 Sep 2020 08:26:07 GMT )
сентябр 11, 2020 13:26 Asia/Tashkent
  • Москвада Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари музокаралар ўтказди

Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.

Кун.уз ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, 2020 йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва шаҳрида Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, вазирлар сиёсат, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамда хавфсизликни таъминлаш жабҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг жадвали бўйича фикр алмашдилар.

Икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик суръатларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун яқин муносабатлар ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг муҳимлиги таъкидланди.

Коронавирусни аниқлаш ва касалланганларни даволаш борасида тажриба алмашиш, шифокорлар малакасини ошириш ва вирусга қарши вакцинани яратиш бўйича ҳамда пандемия оқибатларини бартараф этиш учун алоқаларни янада кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш учун «Марказий Осиё – Хитой» ташқи ишлар вазирлари учрашуви механизмининг зарурлиги қайд этилди. Марказий Осиё давлатлари ва Хитойнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини жадаллаштиришга кўмаклашувчи инвестицион ва инфраструктура лойиҳаларини рўёбга чиқаришни давом эттириш учун амалий чоралар кўришнинг муҳимлиги эътироф этилди.

Вазирлар Доҳа шаҳрида афғонлараро музокараларнинг биринчи раундини ўтказиш тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватладилар.

Учрашувда БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда. 

Ёрлиқ