Тошкентда Ўзбекистон—Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон—Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzReport хабар бермоқда.
Йиғилишда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар ҳолати ва истиқболлари, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида алоқаларни ривожлантириш ҳамда қатор бошқа масалалар муҳокама этилди.
Ўтган йил якунлари бўйича ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 319,7 миллион долларни, жорий йил 7 ойи мобайнида эса 177 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.
Транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, транзит юк ташиш борасида ўзаро имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш муҳимлиги, бу уларнинг ҳажми ортишига олиб келиши таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича томонлар тегишли баённомани имзолади. Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт, илмий-техник, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа қатор масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон беради.