Сардоба фожеаси: 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган
Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида техноген фалокат юз бериб, натижада Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиб, катта ер майдонларини сув босган эди.
Ушбу воқеадан 159 кун ўтиб, Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурханов мазкур иш юзасидан 17 кишига жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, терговда тергов, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган.
Ҳозирги вақтда тергов органи (Терговни ДХХ олиб боряпти - Sof.uz) томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс, жумладан буюртмачи “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилотлар “Резаксой сув қурилиш” УК, “Омад Дубл” МЧЖ, “Сариосиё қурилиш” МЧЖ, “Транс Сервис Комплекс” МЧЖ, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.