Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан телефон суҳбатида нималар ҳақида гаплашишди?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчиси Садир Жапаров билан қўнғироқлашди.
Мирзиёев ва Жапаров ўз суҳбатида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни, аввало, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ҳудудлараро ва гуманитар алмашинув соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ва Чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгаши ишини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатларига қарши курашиш масалаларида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ва кўмаклашишни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.