Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар 14 кунга каратинга олинади
Ўзбекистон жорий йил 21 - декабр санасидан 2021 йил 10 - январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатади.
Ўзбекистон республикаси махсус комиссиясининг қарори дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тезкор кескинлашуви шароитида мамлакатда эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.
Шу билан бирга, Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия мамлакатлари ва Жанубий Африка Республикасида бўлган ва учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки ўз ҳисобидан тегишли меҳмонхонада карантинга олинади.