Афғонистон шифокорлари коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик ҳамкасблари тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистонлик ҳамкасблари тажрибасини ўрганиш мақсадида Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари ва шифокорларидан иборат делегация Тошкентга ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад — афғонистонлик тиббиёт мутахассисларига коронавирус инфекциясининг профилактикаси, тарқалишининг олдини олиш, унинг диагностикаси ва даволаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўргатиш, COVID-19’ни даволашда замонавий ва самарали усулларни қўллаш бўйича уларнинг амалий кўникмаларини ва малакасини оширишдан иборат деб хабар қилган Дарё сайти.
20 нафар афғонистонлик мутахассисдан иборат делегация Ўзбекистонда ўн кун давомида бўлиб, Ўзбекистон ва Афғонистон шифокорлари махсус ўқув машғулотларида иштирок этади. Ушбу машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган профессионал мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган.
Ўқув дастурини тайёрлашда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари етакчи ходимлари қатнашган.
Жумладан, шошилинч тиббий ёрдам, фтизиатрия, пулмонология, гематология, терапия, тиббий реабилитация, акушерлик, гинекология, педиатрия, хирургия, кўз микрохирургияси, эндокринология, вирусология каби қатор соҳалар бўйича тиббиёт марказлари ҳамда илмий-текшириш институтларининг етакчи мутахассислари томонидан коронавирус инфекциясини даволаш ва унинг асоратларининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган.
Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида Зангиота туманидаги 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинади. Бундан ташқари, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти билан ҳам танишади. Афғонистонлик мутахассислар Самарқанд вилоятига бориши ҳам кўзда тутилган.