Ўзбекистон президенти Афғонистон ва Покистон делегациясини қабул қилди
Кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикасининг делегацияси – мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилди
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари икки томонлама муносабатларнинг бугунги суръатини сақлаб қолиш ва аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
«Бу борада сўз юритилганда, аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уни яқин йилларда камида 2 миллиард долларга етказиш учун қулай шароитлар яратиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида муҳим дастурларни амалга оширишни қайд этиш лозим.
Шунингдек Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудни ҳам қабул қилган.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев икки мамлакатнинг амалий ҳамкорлигини изчил кенгайтиришга хизмат қилаётган фаол мулоқотлар ва алмашинувлар пандемияга қарамасдан, давом эттирилаётганини таъкидлади. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб, етакчи компанияларнинг қўшма кооперация лойиҳалари сони кўпайиб бормоқда деб хабар қилган Дарё сайти..
Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқишни ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини илгари суриш тўғрисидаги ташаббус Покистонда юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганини қайд этди.
Икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Автомобиль ва ҳаво транспортида юк ташишларни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқиш, преференсиал савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш, божхона иши соҳасида тажриба алмашиш, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.