Абдулазиз Комилов Қозоғистон президенти билан учрашиб мулоқот қилди
Нур-Султон шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашди
Учрашув давомида Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга йўллаган мактубини топширган.
«Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.
Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ташкиллаштиришга йўналтирилган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича шаклланаётган имкониятлар, шунингдек, янги истиқболли бозорларга биргаликда кириш бўйича режалар юзасидан фикр алмашилган. Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.