Ўзбекистон президенти Германия канцлери билан видеоанжуман ўтказди
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Германия канцлери Ангела Меркель билан видеоанжуман шаклида музокара ўтказди. .
Таъкидланишича, бугунги кунда жаҳоннинг илғор мамлакатларидан бири бўлган Германия саноат ва технологиялар борасида тан олинган пешқадам сифатида глобал иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Бундан ташқари, Германия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этиб, жаҳон мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Хусусан, Германия кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида март ойининг охирида Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи йирик партияси етказиб берилади. Бундан ташқари, Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузли илмий-тадқиқот муассасаси – Роберт Кох институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг бугунги учрашуви кун тартибидан жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти ва Германия канцлери икки йил аввал Берлин шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани икки томонлама муносабатларнинг барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда янги демократик янгиланишлар сиёсатини оғишмай қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга молиявий-техник жиҳатдан кўмаклашиш дастурини кенгайтираётгани учун Германия ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Германия Ўзбекистоннинг муҳим технологик ва инвестициявий шериги бўлиб келмоқда.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар кўпайди, 50 га яқин янги қўшма корхона ташкил этилди. Ўзбекистонда Германиянинг MAN, Claas, Knauf, Papenburg каби машҳур компаниялари фаол ишламоқда. Volkswagen ва Viessmann компаниялари илк бор Ўзбекистон бозорига кириб келган бўлса, узоқ танаффусдан сўнг Siemens ва Bosch компаниялари қайтиб келди. 2020- йилда Германия компаниялари томонидан мамлакат иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.