Шавкат Мирзиёев Қирғизистон бош вазири Улуғбек Мариповни қабул қилди
(last modified Sat, 27 Mar 2021 04:57:27 GMT )
март 27, 2021 09:57 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Қирғизистон бош вазири Улуғбек Мариповни қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ишида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Қирғизистон бош вазири Улуғбек Мариповни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

Давлат раҳбари Ўзбекистон–Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда қабул қилинган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Бош вазир Улуғбек Марипов, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қулай шароитларни шакллантириш, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини илгари суриш, Тараққиёт фонди фаолиятини тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуришни тез фурсатда бошлаш ҳамда Андижон–Ўш–Саритош–Иркештом мултимодал йўлаги бўйлаб юк ташишлар ҳажмини оширишнинг долзарб аҳамияти қайд этилди.

Учрашув якунида Қирғизистон бош вазири икки мамлакат давлат раҳбарлари ўртасида эришилган ҳамда кенг кўламли Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган келишувларни сўзсиз амалга оширишга бор саъй-ҳаракатини йўналтиришга тайёр эканини таъкидлади.

 

Ёрлиқ