Ўзбекистонда сўнгги бир кунда 195 кишида коронавирус аниқланди
(last modified Thu, 08 Apr 2021 07:10:43 GMT )
апрел 08, 2021 12:10 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда сўнгги бир кунда 195 кишида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда коронавирусга чалингани расман тан олинганлар сони 84 322 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 апрель куни мамлакатнинг 9 та ҳудудида жами 195 та касалланиш ҳолати аниқланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
  • 2 нафари Андижон вилоятида,
  • 9 нафари Бухоро вилоятида,
  • 18 нафари Самарқанд вилоятида,
  • 2 нафари Сирдарё вилоятида,
  • 3 нафари Фарғона вилоятида,
  • 1 нафари Хоразм вилоятида,
  • 24 нафари Тошкент вилоятида,
  • 132 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

ССВнинг қўшимча қилишича, ўтган бир сутка давомида Бухорода 7 киши, Самарқандда 4 киши, Сирдарёда 21 киши, Тошкент вилоятида 18 киши, Тошкент шаҳрида эса 129 киши, республика бўйича жами 179 киши COVID-19’дан тузалган. Соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 634 нафарга етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1454 нафар бемордан 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган бир сутка ичида 15 мингдан ортиқ фуқаро коронавирусга қарши эмлангани тўғрисида хабар берилганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков 7 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши эмланганларда қандай ножўя таъсирлар кузатилаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Отабеков коронавирус ҳали ҳам ёшлар орасида кенг тарқалганлигини тасдиқлади. Масалан, 6 апрелда 206 та ҳолат қайд этилган, шулардан 54 таси (26,2 фоиз) 19 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланади. Бироқ ушбу кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлигининг статистикасидан фарқ қилади. Вазирликнинг статистикасига кўра, сешанба куни коронавирусга чалиниш бўйича 192 та ҳолат қайд этилган.