Россия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳада ҳамкорликни кучайтиради
Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари 2021—2025 йилларда ҳарбий соҳадаги ўзаро алоқаларни тизимли ҳолга келтиришга мўлжалланган дастур ишлаб чиқди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Бухоро шаҳрида учрашув ўтказди.
Таъкидланишича, Россия ва Ўзбекистон биринчи марта ҳарбий соҳада шерикчилик дастурини ишлаб чиқади. Дастур икки мамлакатнинг 2021—2025 йилларда ҳарбий соҳадаги ўзаро алоқаларини тизимли ҳолга келтиришга мўлжалланган.
Россия мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон қуролли кучларининг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш бўйича икки томонлама тадбирларни ўтказиш эканини таъкидлаб ўтди.
«Икки мамлакат кўплаб соҳаларда, шу жумладан, хавфсизлик соҳасида ўзаро муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунда чақириқлар ва таҳдидларга, айниқса, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш муҳим. Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги стратегик шеригидир», деб таъкидлади Сергей Шойгу.
Россия мудофаа вазири ўзбекистонлик ҳамкасбларини «Россия Мудофаа вазирлигининг бу йилги муҳим воқеаларига» — Халқаро хавфсизлик бўйича тўққизинчи Москва конференцияси, Армия халқаро ҳарбий-техник форуми ва Халқаро армия ўйинларига таклиф қилди.
Аввалроқ, Россия Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида хабар қилинганди.
Шунингдек, Сергей Шойгу Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан Душанбеда музокаралар ўтказган. Томонлар ҳаво маконидаги чегаралар ҳимоясини кучайтириш учун Россия ва Тожикистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бирлашган минтақавий тизимини яратиш тўғрисидаги келишув лойиҳасини тайёрлаган.