Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилади
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилади
Ўзбекистонда коррупцияга қарши қонуний асосда кураш олиб борилади. Шу мақсадда, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилади. Бу ҳақда, ЎзА хабар қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг саккизинчи бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда, фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади.
Бундан ташқари, Бош прокуратура жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ нормаларини янада либераллаштириш бўйича ҳамда қонун ҳужжатларига, энг аввало, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритади.