Ўзбекистон президенти Жаҳон банки президентининг ўринбосари бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Кеча Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон банки президентининг ўринбосари Анна Берде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Томонлар учрашувида Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, мамлакатда, ва умуман, минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорлик даражасини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди деб хабар қилган Дарё сайти.
Учрашувда давлат раҳбари Анна Бердени Жаҳон банки президентининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.
Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси катта мамнуният билан қайд этилди.
Банкнинг ҳар томонлама кўмаги билан мамлакатда бозор ислоҳотлари ва ижтимоий янгиланишлар дастурини амалга ошириш давом этаётгани таъкидланди.
Жаҳон банки гуруҳининг тузилмалари иштирокидаги лойиҳаларни илгари суриш бўйича аниқ чора-тадбирлар мажмуи белгиланган «йўл харитаси» амалга оширилмоқда. «Мамлакат платформаси» тизими жорий этилган.
Лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард долларга етмоқда. Ҳозирги дастур таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби устувор соҳалар ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олган умумий қиймати 4,1 миллиард долларлик 23 та лойиҳани ўз ичига олган.