Самарқандлик аёллар ҳукумат биноси олдида намойиш ўтказди
(last modified Fri, 11 Jun 2021 04:21:47 GMT )
июн 11, 2021 09:21 Asia/Tashkent
  • Самарқандлик аёллар ҳукумат биноси олдида намойиш ўтказди

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшовчи уч нафар аёл Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида намойиш ўтказган. Вилоят прокуратураси мазкур ҳодисага сабаб бўлган тафсилотларини очиқлади.

Маълум қилинишича, жорий йил 24 май тунда Паст Дарғом туманидаги «Паст Дарғом мева-сабзавот» МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган Ш.Умаровга тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлар ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин рўй берган.

Воқеа жойи кўздан кечирилганда 120 м² майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 м² майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильонлар ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетганлиги аниқланган. Қайд этилишича, шу куни Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги ТБда тузилган терговчилар гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида судга оид ёнғин техника экспертизаси тайинланган.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.Соатова, А.Агаева, Г.Амирова ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаролар жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади. Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.