Афғонистонда можаролар авж олган бир пайтда Ўзбекистон қуролли кучлари ҳарбий машғулотларни бошлади
Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошланганини маълум қилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида режага асосан қўққисдан текширувлар бўлиб ўтмоқда. Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади. Маълумотга кўра, ҳозирда вазир Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида бўлиб турибди деб хабар қилган Газета.уз сайти.
Шунингдек, «Ангрен» ва «Термиз» умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Тактик ўқувлар давомида «Тревога» сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади.
Шунингдек, шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади.
Машғулотлар Афғонистонда вазиятнинг кескинлашуви фонида ташкиллаштирилган. Олдинроқ Ташқи ишлар вазирлиги Шўртепа туманидаги Ўзбекисон чегарасини 53 нафар афғон ҳарбийлари ва қуролланган гуруҳлар кесиб ўтгани ҳақида хабар қилди.