Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
(last modified Tue, 06 Jul 2021 01:09:56 GMT )
июл 06, 2021 06:09 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  28  июн – 4 июл кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Ўқтойни қабул қилди.
  • Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Афғонистон чегараолди вазияти юзасидан фикр алмашдилар.
  • Вашингтонда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва АҚШ давлат котиби мулоқот қилдилар.
  • Абдулазиз Комилов Вашингтонда Пентагон бошлиғи билан учрашди.
  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари: Толибон гуруҳи террорчи ташкилот эмас.
  • Абдулазиз Комилов ва Залмай Халилзод Афғонистондаги вазиятини муҳокама қилишди.
  • Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари чегара масалалари бўйича протокол имзолашди.
  • Ўзбекистон экспортида Туркия 694,1 миллион АҚШ долларлик улуш билан Россияни ортда қолдирди.
  • Афғонлар Ўзбекистон ҳудудига тез-тез қочиб ўтиши аниқланди.
  • Ўзбекистонга яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди.
  • Толибон жангарилари Афғонистоннинг Ўзбекистон билан савдо чегараси-Ҳайратонга яқинлашди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Ўқтойни қабул қилди.

Ўзбекистон ва Туркия  амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳамда етакчи корхона ва компанияларнинг янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон-Туркия дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларида олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқот туфайли эришилган бугунги даражани юксак баҳолади.

Ўз навбатида, вице-президент Фуат Ўқтой илиқ қабул учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия компания ва инвесторларининг мамлакатимиздаги фаолиятига кўрсатилаётган катта кўмак учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръати ва пандемия оқибатларини енгиб ўтиш борасида кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланди.

Тошкент шаҳрида ўтадиган Стратегик ҳамкорлик кенгаши иккинчи йиғилишининг кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳим экани ҳам таъкидланди.

Х  Х  Х

Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Ж. Блинкен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашганини АҚШ Давлат департаменти хабар қилган.

Ўзбекистон ва АҚШ юқори мартабали расмийларининг учрашувда давлат котиби АҚШнинг Ўзбекистон билан стратегик шериклигини чуқурлаштириш истагини билдирган ва бу йил икки мамлакат дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги нишонланишини таъкидлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланиб, икки мамлакатнинг C5+1 минтақавий дипломатик платформаси орқали фаол ҳамкорлиги таъкидлаб ўтилган.Котиб ташқи ишлар вазирига Ўзбекистоннинг Афғонистонда адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирган.

 Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий алоқалари, шу жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё бўйлаб фаровонлик ва равнақни қўллаб-қувватловчи йўллар орқали Афғонистон билан яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка эътиборини олқишлаган.

Х  Х  Х

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирини АҚШ журналисти Деннис Ҳолига берган интервьюсида, Толибон - террорчи эмас деб айтгани минтақа ОАВ орқали тарқалди

Америкалик журналистнинг “Сиз Толибонни террорчи ташкилот деб ҳисоблайсизми?” деган саволига Камилов “йўқ” деб жавоб берди ва бу унинг шахсий нуқтаи назари эканини қайд этди.

Абдулазиз Комиловнинг , Толибон* ҳаракати сўнгги 40 йил ичида, Афғонистон ҳудудидан ташқарида, Марказий Осиё, Европа ёки дунёнинг бошқа жойида бирор маротаба ҳам террорчилик акти уюштирмаган деб маълум қилганини Спутник келтирган..

Иккинчидан, АҚШ Толибон билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб, шартнома имзолади. Ҳаммага маълумки, АҚШ сиёсатининг энг асосий принципларидан бири - ҳеч қачон террорчилар билан музокара олиб бормаслик.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокараларида сўнгги 4-5 йил ичида жиддий олдинга силжиш содир бўлган. Хусусан, томонлар бир-бири билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришни бошлаган.

Иккинчидан Афғонистон ҳудудида Толибондан ташқари, бошқа турли гуруҳлар ва кучлар бор. Улар орасида амалдаги ҳукуматнинг етакчи сиёсатчилари, сиёсий партия раҳбарлари, алоҳида ҳудуд раҳбарлари ва бошқалар. Тинчлик ўрнатиш жараёнида уларнинг барчаси иштирок этиши керак. Халқаро ҳамжамият бунда яқидан ёрдам бериши керак.

Х  Х  Х

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари чегара масалалари бўйича учрашув ўтказди

Ўзбекистоннинг  Фарғона вилоятида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари   музокаралар давомида уч мамлакат давлат чегараларининг туташув нуқталари жойлашиши бўйича таклифлар алмашди деб хабар қилган Спутник сайти.

Бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Тадбир якунига кўра тегишли баённома имзоланди. Ҳукумат делегацияларининг навбатдаги учрашуви Қирғизистонда бўлиб ўтади.

Х  Х  Х

 ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг навбатдаги 1 млн дозаси Ўзбекистонга олиб келинганини мамлакат ССВ матбуо хизмати хабар қилган.

Бу ушбу вакцинанинг Ўзбекистонга келтирилган 6-партияси бўлиб, бундан аввал ZF-UZ-VAC2001нинг:

27 мартда — 1 миллион доза,

27 апрелда — 1 миллион доза,

18 майда — 1 миллион доза,

19 майда — 500 минг доза,

10 июнда — 1 миллион доза партиялари келтирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши вакцина захираси 6,4 миллион дозага етди ва шундан ҳозигача 3,4 млн дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланди деб хабар қилган Кун сайти..

Ўзбекистонда сўнгги суткадаги эмлаш жараёнида коронавирусга қарши 130 мингга яқин вакцина қўлланди. Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 3 409 257 доза вакцинадан фойдаланилган, уларнинг 1 174 587 дозаси иккинчи ва 236 043 дозаси учинчи босқичда қўлланган. Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 1 998 627 кишини ташкил этмоқда.