июл 26, 2021 10:41 Asia/Tashkent
  • 19 ёшли ўзбекистонлик Токио—2020 Олимпиадасидаги илк олтин медални тақдим этди
    19 ёшли ўзбекистонлик Токио—2020 Олимпиадасидаги илк олтин медални тақдим этди

Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпиадада 25 июль куни таэквондо бўйича финал баҳслари Ўзбекистон ва Британия вакиллари ўртасида ўтказилди.

Токио шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпиадада ўзбекистонлик таэквондочи Улуғбек Рашидов британиялик рақиби Бредли Синденни мағлуб этиб, Токио Олимпиадасида Ўзбекистонга илк олтин медални тақдим этди деб хабар қилган Дарё сайти..

Рашидов уч раунд якунига кўра 32:29 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа у таэквондо бўйича Олимпиадада чемпион бўлган илк спортчи сифатида Ўзбекистон тарихига кирди.

Улуғбек ярим финалда Босния ва Герцеговина вакили Недзад Ҳушични 28:5 ҳисобида енгиб, Ўзбекистон учун дастлабки медални нақд қилганди. Синден эса ярим финалда хитойлик Шуаи Жаони 33:25 ҳисобида енгди.

Рашидовнинг финалдаги рақиби Бредли Синден -68 кг вазн тоифасида амалдаги Жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2019 йилда Манчестер шаҳрида ўтказилган мусобақада ғолибликни қўлга киритганди. Синден, шунингдек, ушбу вазн тоифасининг иккинчи рақамли вакили ҳисобланади.

Маълумот учун, Улуғбек Рашидов 2002 йил 23 март куни Тошкент шаҳрида туғилган.

У 2018 йилда Буэнос-Айресда (Аргентина) бўлиб ўтган 2018 йилги ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида 48 килограммгача вазн тоифасида кумуш медалини қўлга киритган, финалда россиялик спортчи Дмитрий Шишкога имкониятни бой бериб қўйган.

2019 йилда эса таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 55 килограммгача вазн тоифасида олтин медалга эга чиққан. Худди шу йили у Бутунжаҳон армия ўйинларида 58 килограммгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритади, Улуғбек ҳал қилувчи баҳсда хитойлик рақиби Лян Юйшуайни таслим этганди.

Ёрлиқ