Ўзбекистонда мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди
(last modified Tue, 03 Aug 2021 05:17:57 GMT )
август 03, 2021 10:17 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди
    Ўзбекистонда мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди

Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид қўшимча киритилди деб хабар қилган Қалампир сайти.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

Қонун расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекцияси янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.