Туркманистон президенти Тошкентга келди. Бердимуҳаммедов ва Мирзиёвнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди
Тошкентдаги президентнинг Кўксарой қароргоҳида Турманистон президентини расмий кутиб олиш маросимидан кейин президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказди.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов учрашуви аввалида Ўзбекистон давлати раҳбари Туркманистон етакчисини самимий қутлаб, 27 сентябрь куни нишонланган байрам – ушбу мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этди ҳамда биродар туркман халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади деб хабар қилган Кун сайти.
«Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги «ўсиш нуқталарини» белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади», - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Туркманистон президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.
«Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», - деди Гурбангули Бердимуҳамедов.