Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 23 та ҳужжат имзоланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги тор доирадаги учрашувдан сўнг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралар кенгайтирилган таркибда давом этиб ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб Дарё сайтининг хабар қилишича, ҳар икки давлат раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилди. Унда олий даражадаги учрашувнинг асосий якунлари акс этган, Ўзбекистон—Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари белгиланган.
Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашди. Чегарадош ҳудудларда савдо марказларини ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон—Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим, Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда корхона ва компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини кенгайтириш тўғрисида битим, Божхона чегарасидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисидаги баённома шулар жумласидан.
ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисидаги битим ҳамда 2004 йил 19 ноябрдаги Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш ҳақида баённома икки мамлакат тадбиркорлари учун қулай шароитлар яратиши ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Транспорт, транзит ташишлар, сувни тежовчи технологиялар, адлия, ижтимоий ҳимоя, статистика, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон энг яқин қўшни, биродар мамлакатлар, вақт билан синалган ишончли дўст ва ҳамкорлар.
«Туркманистон билан ҳамкорликда халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги, тарихий ва маданий ўхшашлиги, дини, маънавий қадрият ва анъаналари муштараклигига асосланган стратегик шериклик даражасига эришилганини юксак қадрлаймиз. Бугунги музокаралар натижалари ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишимиз самимийлиги ва қатъийлигини яна бир бор яққол кўрсатди.
Биродар Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидламоқчиман», – деди Шавкат Мирзиёев.