Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилмоқчи
(last modified Mon, 15 Nov 2021 08:18:31 GMT )
ноябр 15, 2021 13:18 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилмоқчи
    Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилмоқчи

Кеча Ўзбекистон Президентининг махсус вакили Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида маҳаллий расмийлар билан учрашувда Ўзбекистон Мозори Шарифдаги Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий халқаро аэропортини реконструкция қилишини маълум қилди

Ўзбекистон Президентининг махсус вакили Исматулла Иргашев вилоят расмийларидан ташқари, Афғонистон Транспорт ва авиация вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашган. Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон афғонларга аэропортни реконструкция қилиш, техник носозликлар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборган деб хабар қилган Дарё сайти.

«Биздан аэропорт фаолиятини тиклаш ва зарарланган ускунани таъмирлашда ёрдам беришга чақиришди. Шу боис Ўзбекистондан 30 нафар техник ходим олиб келдик. Тез орада аэропорт фойдаланишга топширилади», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, хусусан, инфратузилма соҳасида ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Шу билан бирга, Балх маҳаллий расмийлари Ўзбекистонни Афғонистон билан иқтисодий соҳаларда ва икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилишга чақирган.

«Афғонистоннинг Ўзбекистон олдидаги электр энергияси бўйича қарзи юзасидан ҳам музокаралар бўлиб ўтди ва биз банк тизимидаги муаммолар ҳал бўлгач, тўловни тўлашимизни ва Ўзбекистон импорт қилинадиган электр энергиясини қисқартирмаслиги кераклигини айтдик», — дейди Балх вилояти губернатори Қудратуллоҳ Ҳамза.