Шавкат Мирзиёев БМТ бош котибининг ўринбосарини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев кеча Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ўринбосари, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали билан учрашиб мулоқот қилди.
Учрашувда глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф ва хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган бўлинмаси ўртасидаги амалий ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани ва самарали тус олгани қайд этилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда 1995 йилдан буён бошқарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Унинг иҳтирокида кейинги бир неча йилда амалдаги минтақавий дастур доирасида умумий қиймати 24 миллион долларлик молиявий-техник кўмак лойиҳалари бажарилган. Гада Валининг ташрифи доирасида Марказий Осиё мамлакатлари учун 2022—2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий ҳамкорлик дастури қабул қилинди, ушбу дастурда бешта устувор йўналишда 90 миллион долларлик тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида Ёшларнинг гиёҳванд моддаларга қарши минтақавий тармоғи ишга туширилади ҳамда Бухоро шаҳрида Одам савдосига қарши кураш бўйича халқаро конференция ўтказилади.