Ўзбекистон фуқароси «омикрон» вирусини юқтириб олган
(last modified Sat, 04 Dec 2021 06:15:56 GMT )
декабр 04, 2021 11:15 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон фуқароси «омикрон» вирусини юқтириб олган
    Ўзбекистон фуқароси «омикрон» вирусини юқтириб олган

Жанубий Корея Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлиги мамлакатда коронавируснинг янги «омикрон» штаммининг биринчи ҳолатларини аниқлади

Кеча Жанубий Кореяда «омикрон» инфекциясининг дастлабки ҳолатлари тасдиқланган: Нигериядан Инчхонга қайтган эр-хотинда, уларни аэропортдан уйига етказиб қўйган ўзбекистонлик дўстида ва яқинда Нигериядан қайтган Кёнгидо провинциясидаги 50 ёшли икки аёлда.

Таъкидланишича, жуфтликнинг ўғлида коронавирус тести натижаси мусбат чиққан бўлиб, у «омикрон» билан касалланган. Оиланинг ўзбек дўстининг рафиқаси ва қайнонаси, шунингдек, яна бир дўсти COVID-19 га топширган тести мусбат бўлиб, аммо уларда натижаси ҳали тўлиқ чиқмаган. Бироқ улар «омикрон» юқтириб олган бўлиш эҳтимоли юқори эканлиги таъкидланмоқда.

Эр-хотинда мусбат натижа Нигериядан қайтганининг эртаси куни — 25 ноябрда тасдиқланган. Расмийларнинг сўзларига кўра, улар аэропортдан уйга коронавирусга гумонланган фуқароларни ташишга мўлжалланган махсус таксида қайтдик, дея ёлғон маълумот берган. Шу сабабли соғлиқни сақлаш органлари оила билан яқин муносабатда бўлган ўзбек дўстини топа олмаган ва унинг карантинга жойлаштирилишини талаб қилмаган.

Жуфтликда коронавирус аниқланганини билган Ўзбекистон фуқароси ўз хоҳишига кўра тест топширгани борган ва унда манфий жавоб чиққан. Бироқ кўп ўтмай унинг тана ҳарорати кўтарилган ва 29 ноябрь куни унда коронавирус аниқланган.

У аэропортдан эр-хотинни олиб кетганидан кейин кундалик ҳаёт режимида яшаган — дўстлари билан учрашган ва ишга борган. Оила ҳам рейснинг бошқа йўловчилари ва қўшнилари билан алоқада бўлиб келган. Расмийларнинг фикрича, ўзбекистонлик эркак ва мазкур оила аъзолари 270 га яқин одам билан алоқада бўлган.

Маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 ташхиси қўйилганидан бир кун аввал у Инчхон шаҳридаги масжидга ташриф буюрган. У ерда 400 дан ортиқ хорижий фуқаро йиғилган.