Сардор Умурзаков Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари билан мулоқот қилди
Афғонистон пойтати - Кобулда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзаков Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматига таяниб Спутник сайтига кўра, музокаралар чоғида томонлар ўзаро муносабатларни комплекс кенгайтиришдан икки тараф ҳам манфаатдор эканликларини билдиришди.
Савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича долзарб вазифалар кўриб чиқилди.
Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий фаолиятни қайта тиклашни жадаллаштириш ва барқарор тинчликни сақлашга қаратилган ҳамкорликни тиклаш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.
"Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешовар" транс–афғон темир йўлини қуриш лойиҳаси, шунингдек, "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линиясини ўтказиш лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги навбатдаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Афғонистон томони ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, Мозори Шариф шаҳридаги халқаро аэропорт фаолиятини тиклаш доирасида амалга оширилган ишлар учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирилган.
Учрашув якунида томонлар ўзбек-афғон ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш мақсадида мулоқотни ривожлантиришга келишиб олдилар.