Умрзоқов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашди
Кеча Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Кобул шаҳрида Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан мулоқот қилди.
Учрашувда, Афғонистон делегациясининг 2021 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида бўлиб турганида чегаралар хавфсизлиги, инвестициялар, савдо, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит, таълим ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Толибон ҳукумати ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, савдо ва транспорт тўсиқларини бартараф этиш бўйича биринчи даражали вазифаларга эътибор қаратилди. Ўз ҳудудида логистика маркази, ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, маҳсулотларни сотиш пунктлари ва зарур инфратузилмани бирлаштирган "Термиз" халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.
Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатлари транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Хусусан, Афғонистон ҳудуди орқали ўтиб кетаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқиш, муқобил транспорт йўналишларини жорий этиш ҳисобига мамлакат транзит имкониятларини ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олинди.