АҚШ Ўзбекистон қамоқхоналарида вазият бўйича янги ҳисоботини маълум қилди
(last modified Wed, 20 Apr 2022 04:41:36 GMT )
апрел 20, 2022 09:41 Asia/Tashkent
  • АҚШ Ўзбекистон қамоқхоналарида вазият бўйича янги ҳисоботини маълум қилди
    АҚШ Ўзбекистон қамоқхоналарида вазият бўйича янги ҳисоботини маълум қилди

АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқлари масаласида 2021 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистондаги қамоқхоналарда озиқ-овқат танқислиги, одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, жисмоний зўравонлик, санитария шароитлари ва тиббий ёрдам кўрсатилмагани баъзи ҳолларда оғир ва ҳаёт учун хавфли деб маълум қилди.

2020 йилга нисбатан 2021 йилда Ўзбекистон қамоқхона маҳкумларининг сиғими тахминан 40 фоизга ошган деб хабар қилган Қалампир.уз. 

“Ҳукумат органлари эркаклар, аёллар ёки вояга етмаганларни судгача қамоққа олиш вақтида ёки судланганидан кейин бирга ушлаб тургани ва шарт-шароитлар жинсга қараб фарқланишини кўрсатувчи хабарлар йўқ. Ичимлик суви ва сифатли озиқ-овқат, душ ёки бошқа санитария иншоотларидан фойдаланиш имконияти ёмон эди. Маҳбуслар кўпинча зарур нарсалар билан таъминланиш учун оила аъзоларининг ташриф буюришига умид қилишган. Камералар кўпинча тор бўлиб, эски биноларда иситиш, совутиш ва ёритиш тизими қониқарли эмас эди. Айрим қамоқхоналарда тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган”, дейилади баёнотда. 

Маҳкумлар, Human Rights Watch ва бошқа ташкилотларнинг хабар беришича, калтакланган ва қийноққа солинган, жумладан, қамоқхонада оғир руҳий ҳолатда ушлаб турилган. 

Ташкилот Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, маҳкумлар меҳнатдан бўш пайтда очиқ ҳавода машқ қилиш ҳуқуқига эга экани, шунингдек, қамоқхона қоидаларига мувофиқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатларда ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланганига эътибор қаратган. 

“Ушбу қоидаларнинг бажарилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот оммага очиқланмаган”, дейилади ҳужжатда. 

Шунингдек, ташкилот баёнотида ОИВ/ОИТС касалликларига чалинган беморлар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмаслиги танқид остига олинган.  

“Гарчи ОИВ/ОИТС билан касалланиш ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд бўлмаса-да, халқаро экспертларнинг таъкидлашича, ОИВ/ОИТС билан касалланиш даражаси оддий фуқароларга нисбатан маҳкумларда юқори бўлиши мумкин. Расмийлар 280 та ҳолатда сил касаллиги, 617 та ҳолатда COVID-19 га чалиниш, шунингдек, 13 802 маҳкумнинг COVID-19 га қарши эмлангани ҳақида хабар берган. Даволаш амалиётларига ёмон риоя қилиш ва бошқа тиббий хизматлар ҳукуматнинг инфекция даражасини пасайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказган”, дейилади АҚШ Ташқи идораси ҳисоботида.