Владимир Норов АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакилини қабул қилди
(last modified Sat, 28 May 2022 08:09:19 GMT )
май 28, 2022 13:09 Asia/Tashkent
  • Владимир Норов АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакилини қабул қилди
    Владимир Норов АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакилини қабул қилди

Кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Ўзбекистонга ташриф билан келган АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест билан учрашди.

Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари учрашувида, Америка томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича юритилаётган сиёсатни юқори баҳолади.

Томонлар афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тизимлаштириш зарурлигини қайд этган. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришда Термиз шаҳрида яратилган кўп функцияли транспорт-логистика хаби имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.

Афғонистоннинг янги ҳукумати кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқларига амал қилиш, аёлларнинг асосий эркинликлари, шу жумладан, уларнинг таълим олишлари, ҳаракатланишлари, жамият ҳаётида тенг асосда иштирок этишлари бўйича дунё ҳамжамиятининг талабларини бажариши масаласида ёндашувларнинг ўхшашлиги қайд этилган.

«Афғонистон замини бошқа ҳеч қачон турли халқаро террорчиларнинг бошпанасига айланиб қолмаслиги, минтақа давлатлари ва учинчи мамлакатлар учун хавф туғдирмаслиги кераклиги алоҳида таъкидланди», — дейилади хабарда.

Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлиги эътироф этилган.

Ёрлиқ