Ўзбекистон биринчи марта ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос бўйича қўмитасига қўшилди
Ўзбекистон биринчи марта ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлганини Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош қароргоҳида (Парижда) бўлиб ўтаётган “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенсияга аъзо бўлган давлатлар Бош ассамблеясининг 8-сессиясида Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага аъзоликка сайланди”, дейилади Спутник хабарида.
ЮНЕСКОнинг иккинчи минтақавий сайлов гуруҳида (Шарқий Европа ва МДҲнинг айрим давлатлари) иккита бўш ўрин учун бешта номзод – Ўзбекистон, Болгария, Босния ва Герсеговина, Словакия ҳамда Эстония ўзаро кураш олиб борган.
Ўзбекистон учун энг кўп давлат овоз берган – 105. Бошқа рақобатчи давлатлар қуйидагича овоз олган: Словакия (94 – иккинчи бўш ўринга сайланган), Эстония (69), Болгария (26), Босния ва Герсеговина (9).
Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг асосий вазифалари - Конвенсия мақсадларини илгари суриш, илғор тажрибалар бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беришдан иборат.