Ўзбекистон ТИВ: Афғонистон билан чегарадаги ҳодиса юзасидан баёнот берди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан давлат чегарасидаги ҳодиса юзасидан баёнотини маълум қилди.
Афғонистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг ваколатли вакиллари ўртасида давлат чегарасида вужудга келган вазият бўйича музокаралар ўтказилгани айтилади..
21 августда Афғонистон фуқаролари томонидан Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ Пайғамбар ороли (Сурхондарё вилояти) ҳудудида юз берган ҳодиса муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Ҳозирги пайтда ҳодиса юзасидан пухта текширувлар ўтказмоқда.
"Ўзбекистон ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдиради, олти нафар яраланганларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ушланган шахсларни ўз ватанига қайтаришга тайёрлаш жараёнлари якунланмоқда", - дейилган хабарда.
Ҳар икки томон тинчлик тарафдори эканлигини, барча масалалар ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва бир-бирига ҳурмат асосида ҳал этилишини тасдиқладилар.