Мирзиёев: Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қиламиз
(last modified Tue, 15 Nov 2022 07:33:22 GMT )
ноябр 15, 2022 12:33 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев:  Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қиламиз
    Мирзиёев: Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қиламиз

Ўзбекистонда илк бор 14-16 ноябрь кунлари UNESCO нинг “Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” мавзусида II Бутунжаҳон конференцияси (World Conference on Early Childhood Care and Education”) ўтказилмоқда.

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган таълим бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман”, - деди давлат раҳбари Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимида сўзлаган нутқида.

ЮНЕСКОнинг бу йилги конференцияда жами 200 га яқин хорижий мамлакатлар иштирок этиши кутилмоқда. Конференциянинг энг катта тадбирларидан бири бу “Тошкент декларацияси”нинг имзоланиши бўлади. Унга кўра, республиканинг мактабгача таълим тизимида мутлақо янги форматдаги асосий дастур концепцияси қабул қилинмоқда.

16 ноябрь куни эса Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида UNESCO, БМТнинг болалар жамғармаси UNICEF, Жаҳон мактабгача таълим ташкилоти OMEP, Африкалик аёл педагоглар форуми FAWE ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида “Тошкент декларацияси”нинг катта кўламдаги тақдимоти ўтказилади.

Конференцияда эрта ёшдаги болаларни ўқитиш методикаси, инклюзивлик, технологиялар ва сунъий интеллект, кичик ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиши соҳасини экологизация қилиш, ҳукумат миқёсидаги ёндашув, мультисекторлик, координация, нейрофанларнинг ўқитилиши каби долзарб мавзудаги маърузалар тингланади ва муҳокама қилинади.

“Биз ушбу конференцияни ўтказишда нафақат болаларни, балким ота-оналарнинг тарбия методини ишлаб чиқиш, улардаги бола билан ўзаро ишлашдаги барқарорликни ривожлантиришни кўзлаганмиз. Кўпчилик фарзандимни боғчага юбораман, бўлди у ҳамма нарсани ўрганади деб бефарқ бўлиб қолади, аслида болага энди янада кўпроқ эътибор қаратиш керак”, - дейди Асқархўжаева.

Тадбир доирасида кичик ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш марказларига ташриф уюштирилади. Марказларнинг фаолияти, уларнинг ишлаш принципи ва методикаси халқаро экспертлар муҳокамасига қўйилади.

17 ноябрь куни мутахассислар ва ОАВ вакиллари учун Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик марказларига маданий сайёҳлик ташрифи уюштирилади.