май 11, 2024 12:26 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг иккита номинацияси ЮНEСКО рўйхатига киритилди
    Ўзбекистоннинг иккита номинацияси ЮНEСКО рўйхатига киритилди

Ўзбекистон Республикаси томонидан кўрсатилган «Туркистон албоми (1871−1872)» ва «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» ЮНEСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди.

Газета смайтининг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Улан-Баторда (Мўғулистон) бўлиб ўтган ЮНEСКОнинг Осиё ва Тинч океани ҳавзаси бўйича Жаҳон хотираси қўмитасининг 10-йиғилишида ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссиясининг иккита номинацияси «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди.

«Жаҳон хотираси» рўйхатига «Туркистон албоми (1871−1872)» ва «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» номинациялари киритилди.

«Фотографик негативлар ва фотосуратлар тўплами кўринишидаги ҳужжатли мерос Хоразмнинг (Амударёнинг қуйи оқими, Хоразм воҳаси) тарихий-маданий ва маҳаллий ўзига хослигидан ҳамда XIX аср охири — XX аср биринчи уч ўн йиллигидаги тарихий-маданий ўзгаришлардан далолат беради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, «Туркистон албоми (1871−1872)» номинацияси илмий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган нодир фотосуратлар ва рангли тасвирларни ўз ичига олган ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондларида сақланади. «Туркистон албоми» тарихий, археологик, этнографик ва ҳунармандчилик бўлимларидан иборат. Албом миллий фотосуратлардан олинган материалларнинг тўлиқлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Иккинчи номинация «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» хивалик ўзбек фотограф-новатори, кинематографи, режиссёри ва оператори Худойберган Девоновнинг коллекциясини акс эттиради.

Ёрлиқ