Январ 14, 2023 10:59 Asia/Tashkent
  • 14-январь Қуролли кучлари ташкил этилганининг йиллигига тўғри келади
    14-январь Қуролли кучлари ташкил этилганининг йиллигига тўғри келади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан байрам табриги йўллади

Шавкат Мирзиёев Қуролли кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади.

Мирзиёевнинг табрик сўзлари қуйидагича:

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Қадрли юртдошлар!

Сизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қувончли айёмда ўз ҳаётини она юрт ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азизларга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Дунёда юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини барчамиз албатта чуқур англаймиз.

Айнан шунинг учун ҳам биз 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири этиб белгиладик.

Айни вақтда азму шижоатли аскарларимиз халқаро майдонларда ўтказилаётган кўплаб нуфузли ҳарбий мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинлари, «Кембрия патрули» ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Фақат сўнгги бир йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди, салкам 2 минг ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилди, 4 мингдан зиёд ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилди, 1250 нафар ҳарбий пенсионернинг бандлиги таъминланди.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги кунда бутун жаҳонда, жумладан, бизнинг минтақамизда, бевосита чегараларимиз яқинида турли таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда.

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили биздан Қуролли кучларимизнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни тақозо этмоқда.

Бундай шароитда, аввало, жанговар ҳаракатларнинг самарали шакл ва усулларини тадқиқ ва татбиқ этиш, Қуролли Кучларнинг ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги ишларни жадаллаштиришимиз лозим.

Мамлакатимиз ҳудудларининг оператив жиҳозланишини таъминлаш, ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат органлари барча субъектларининг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тайёргарлик даражасини кучайтириш муҳим вазифадир.

Мудофаа саноатини тизимли ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли автомашиналар комплексини такомиллаштириш ишлари ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, қуйи поғоналардаги бўлинмаларнинг ахборот-психологик таъсирларга бардош бера олиш қобилиятини оширишга қаратилган тайёргарлик ишларини доимий йўлга қўйиш зарур.

Маълумки, биз 2023 йилни мамлакатимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилдик.

Шу мақсадда ҳарбий қисмларда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини, билим ва малакаси, дунёқарашини юксалтириш, уларнинг касбий ва маданий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига муҳим аҳамият берилади.

Ўтган йили узлуксиз ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди.

Сиз, азизларни, сизлар орқали оила аъзоларингизни Қуролли кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони.

Ёрлиқ