Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темирйўл орқали юк ташиш қайта бшланди
Афғонистон темирйўл бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» ўртасида Ҳайратон−Мозори-Шариф темирйўли эксплуатациясини давом эттириш бўйича янги шартнома имзоланди. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги қатнов шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабабли тўхтатилганди.
Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўллари ўртасида юклар ташуви тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон темирйўллари матбуот хизмати хабарқилган..
2023 йилнинг 8-10 феврал кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темирйўллари бошқармаси раҳбари Байтурраҳмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси билан учрашув ўтказилди.
Учрашув натижасида Афғонистон темирйўл бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» ШК ўртасида «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўлини эксплуатация қилишни келгусида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди.
Ўзбек-афғон келишувига кўра, Афғонистон томонига йўналтирилган вагонларни «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг «Сўғдиёна Транс» ШК томонидан Ҳайратон станциясига етказиб бериш жорий йилнинг 10 февралидан қайта тикланди.
Музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баённома имзоланди.
1 февралидан Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилганди. «Ўзбекистон темирйўллари» бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабаб бўлганини маълум қилди.
Узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати 129 млн доллар бўлган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўли «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан 2010 йил ноябр ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йил декабридан бери «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ шуъба корхонаси «Сўғдиёна Транс» амалга ошириб келмоқда.