Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва БМТ бош котибининг махсус вакилининг учрашуви бўлиб ўтди
Шавкат Мирзиёев БМТ бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари лавозимидаги миссиясини якунлаётган Наталья Герман билан мулоқот қилди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда конструктив мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида БМТнинг Минтақавий маркази ва бошқа тузилмалари билан самарали ҳамкорлик қилинаётганини таъкидлади.
Кейинги бир неча йилда мамлакат ташаббуси билан ва бутун халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда Бош ассамблеянинг минтақадаги шерикликнинг энг долзарб йўналишлари юзасидан тўртта резолюцияси қабул қилинди.
БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказининг бевосита иштирокида Ўзбекистонда бир қатор йирик халқаро форум ва учрашувлар биргаликда ташкил этилди. Шунингдек Марказий Осиё етакчи аёлларининг мулоқоти ва Ёшлар учун превентив дипломатия академияси платформалари ишга туширилди.
БМТ бош котибининг махсус вакили Наталья Герман Ўзбекистон президентига минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилган муҳим ташаббуслари учун миннатдорлик билдирди.