Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Энтони Блинкеннинг учрашув бўлиб ўтди
Бугун Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Энтони Блинкен учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларнинг кенг доираси ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен давлатимиз раҳбарига Қўшма Штатлар Президенти Жо Байденнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий экани яна бир бор қайд этилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган демократик янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилди, улар тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ва кўплаб бошқа йўналишларда эришилган катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини, энг аввало, юқори технологик тармоқларда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида кенг халқаро ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.